Литмир - Электронная Библиотека

Кейин мени ФВВ матбуот хизматига ишга чақиришди. Бу ҳаётимдаги биринчи ҳақиқий омад эди. ФВВ биноси шаҳарнинг қоқ марказида, ҳозирги Сенатнинг ўрнида жойлашганди. Бу вазирликка кириш ҳам худди МТРК биносига киришдек қийин бўлган. Очиғи, мен «Давр»дан ҳечам иккиланмай, жон деб кетдим. ФВВдан гувоҳнома, форма беришди, бош мутахассис лавозимига тайинлашди. Қанчалик омадим келганини хаёлга ҳам келтириш қийин – мен ўша пайтда ўзбошимчалик билан «зачётка»га баҳо қўйганим учун институтдан ҳайдалгандим.

Алламжонов айбдор - img_8.jpeg

МТРК аппарат студиясида «Солиқ хизмати» кўрсатувини ёзиб олиш жараёни.

Мен ўқимоқчи бўлган ЎзМУ журналистика факультетига кириш қийин, конкурс катта эди. Киришимга кўзим етмади, тинчгина Санъат институтининг режиссёрлик факультетига ҳужжат топшира қолдим. Режам оддий эди – бир йил ўқиб, кейин журфакка «перевод» қиламан. Ўқишга киришдан кўра кўчириш осонроқ. Ректорнинг менга муносабати жуда яхши эди, аммо иккита фандан куз-га қолдим. Биттасини-ку, курсдошим Дилмурод билан амалладик – баҳо қўйиб беришга домлани кўндирдик. Буям лекин осон бўлмади. Чунки худди шу одам мени деб декан ўринбосари лавозимидан олиб ташланган ва оддий ўқитувчи қилиб қўйилган эди. Мен унинг ичиб юришини ректорга чақиб берганман. Шунда ҳам домла менга ёрдам берди. Саҳна нутқи фанини эса «ёполмай» қолдим. Ўқитувчи опахон дам олишга кетибди. Шу фандан баҳо олмасам, ўқишни кўчириб бўлмас экан.

Сомсахонада ўртоғим билан «зачётка»ларимизга бирпас қараб ўтирдик. Мен сомсадан бир тишлаб, дафтарчага «уч» баҳони ўхшатиб чиздим. Сомсага қўшиб инсофниям еворганим йўқ, «беш» эмас, «уч» қўйдим, холос. Кейин ўртоғимга ҳам боплаб чизиб бердим. Ўзимизча, бу аёлнинг ҳам болалари бордир, бизни тўғри тушунса керак, тақдиримиз ҳал бўляпти-ку, келганида ҳаммасини очиқ айтиб берамиз, у бизни кечиради, дебмиз. Ҳужжатларни топширдик. Буёғига буйруқни кутиш қолди.

Иккинчи сентябрь куни опанинг олдига бордик. Гапни узоқдан бошладим: оилада ёлғиз ўғиллигим, ота-онам мени одам бўлсин деб, ТошДУга7 киришимни бир умр орзу қилгани…

– Нима демоқчисан? – сўради Хатира опа.

– Биз ўқишни кўчирмоқчи эдик. Сиз дам олишга кетган экансиз. Шунга, номингиздан ўзимизга «уч» баҳо қўйиб… Узр энди, опа…

Тўғрисини айтсам, Хатира опанинг бунчалик жаҳли чиқишини кутмагандим. Худди мен «зачётка»га баҳо эмас, васиятномасига қалбаки имзо қўйгандек, бирданига портлаб кетди.

– Бу нимаси, Комилжон? Ахир бу жиноят-ку! Ноқонуний иш қилгансиз!

Хатира опа гапиргани сайин нима қилиб қўйганимни, қалбаки «уч» арзимаган нарса эмаслигини тушуниб ета бошладим. У бизни ректорнинг ёнига судраб борди. «Агар бу икковини ҳозироқ институтдан ҳайдамасангиз, мен кетаман!» – деб шарт қўйди. Қаттиқ туриб олди. Чунки талабанинг, устига устак келажакда мафкурани белгилайдиган талабаларнинг ёлғонини кечириб бўлмайди. Шунча ялинсак ҳам, опа кўнмади. Икки оёғини бир этикка тиқволди. Пул ҳам, таниш-билиш ҳам ёрдам бермади.

Онамни чақиртириб, шартта: «Ўғлингиз институтдан ҳайдалди», – деб эълон қилишди. Ўша ернинг ўзида ҳушларидан кетиб қолмасинлар ишқилиб, деб қўрқиб турдим.

Ойим билан Космонавтлар хиёбонидан жимгина юриб кетяпмиз. Кайфият расво. Секин гап бош-

ладилар:

– Майли, Комилжон. Билдим, сендан катта одам чиқмас экан. Ўзи рабочийнинг боласи рабочий бўлар экан-да. Ҳечқиси йўқ, ҳозир адангнинг ишхоналарига борамиз, сени ўзларига ёрдамчи қилиб оладилар. Ҳунарли бўлиш ҳам яхши нарса. Мошина тузатиб нон топасан.

Ундан кўра тарсаки туширганлари минг марта яхши эди. Онамнинг бор умидлари мендан, менга ишонардилар. Мен бўлсам шуни билиб туриб, панд бердим.

2002 й.

Мана энди чаламулла талабани вазирликка ишга олишяпти. Хатира опадан кўпам хафа бўлмадим. Бу воқеадан катта сабоқ олдим, қайсидир маънода ўсишимга ҳам шу сабаб бўлди. Энг асосийси, ёлғон эртами-кечми фош бўлишини вақтида тушуниб етдим. Ёлғонни ичингда сақлаб, қачондир ошкор бўлишидан қўрқиб яшагандан кўра, қилмишингга яраша ўша заҳоти жазо олган яхшироқ экан. Бошида ФВВ формасида, гувоҳномамни кўтариб Хатира опанинг олдига бормоқчи бўлиб юрдим. «Мана, ким бўлганимни бир кўриб қўйинг…», —дегим келарди. Вақт ўтиб, менинг келажагимга айнан Хатира опа туртки берганини тан олдим. Устознинг олдига анчадан кейин бордим. Нималарга эришганимни гапириб бердим. Лекин суҳбатимиз умуман бошқа оҳангда бўлди.

Алламжонов айбдор - img_9.jpeg

ФВВ матбуот хизматида. «Қамчиқ» махсус қидирув-қутқарув бошқармаси фаолияти ҳақида репортаж тасвирга олиняпти.

У вақтда эса мендан бахтли одам йўқ эди. Ҳамма орзуларим ушала бошлаган, олдинда мени омадли парвоз кутаётгандек эди.

Бу шиддатли парвоз тўққиз йил давом этди. Шун-ча йил ҳар битта икир-чикирга эътибор берадиган, талабчан перфекционистнинг қўл остида жонимни бериб, байрам, дам олиш нималигини билмай ишладим. Ё ҳаммасини қойил қилиб қўясан, ёки умуман керагинг йўқ. Ўшанда бир нарсани сезганман – ўзимга душман орттиришга уста эканман. Бу «фазилатим»дан умр бўйи қутулолмадим.

Бир йил ичида ФВВнинг ахборот тизимини яхшигина ўзлаштириб олдим. Мендан доим янги ғоялар қайнаб чиқар ва улар Парпиевга маъқул келарди. Муҳими, мен бу ғояларни рўёбга чиқара олардим. Лекин кимдир ишимга аралашса чидолмасдим, вазир ўринбосарлари билан тенгма-тенг гаплашар эдим. Бир йилда ишини қойил қилиб бажарадиган мутахассис деб ҳисоблай бошладим ўзимни. Қизиғи, менинг ҳеч ким билан ишим бўлмаса ҳам, атрофдагилар нимагадир нуқул менинг ишимга аралашар эди. Бу худди ош пишириш учун ошпаз чақириб қўйиб, кейин унинг тепасида туриб, «гуручини кам сопсан, ёғни кўп қуйворибсан» дегандек гап. Индамай, ўзига қўйиб бер, олдин ошни дамласин, ўхшата олмаса, ана ундан кейин танқид қил! Йўқ, мен бир иш қилсам, ҳамма бурнини суқиши шарт! Бунга чидолмасдим, шунинг учун Комил Алламжоновни бетгачопар, ўжар деб билишарди. Бир аҳмоқ ёки тантиқ бўлсам ҳам майли экан, аммо мен ишимни қойиллатиб бажарардим! ҳамма менинг «сурбетлигим» сабабини қидира бошлади.

Ҳатто ҳукуматдагилар ҳам ўйлашиб гаплашадиган, унча-мунчани яқинига йўлатмайдиган, камгап, одамови Парпиев нима учун боласи тенги бу йигитчани етаклаб юрганини ҳеч ким тушунмасди. Олдинига ФВВга ишга олди, кейин Божхона қўмитасига, ундан кейин Солиқ хизматига. Бу боланинг нимасига ишонади? Қариндоши экани аниқ! Қарабсизки, бу бола генералнинг жияни экан, шунинг учун уни кўтар-кўтар қиляпти, деган миш-мишлар тарқалди. Бу гапларга михдай далил ҳам топилди, Парпиев – андижонлик, отаси Марғилондан. Менинг бобом ҳам асли фарғоналик. Демак, амаки-жиянмиз! Водийда ҳамма бир-бирига қариндош, бегонаси йўқ.

Аслида генералнинг ишончига кирганимнинг сабаби оддий. У жуда қаттиққўл эди. Ёлғонни, хатони кечириши қийин, сохталикни ёмон кўрарди. Менинг адашишга ҳаққим йўқ эди. У на шахсий ҳаётим, на бўш вақтим бўлишини тан олар, ўзи ҳам тинимсиз ишлар, бошқаларни ҳам тиндирмасди. Мен ҳам худди шундай ишлардим. Қила олмайман, қўлимдан келмайди, чарчадим, уйга, ойимнинг олдига боргим келяпти, дейишим мумкин эмасди. Унинг ишончини оқлашим шарт эди. Буйруқларини сўзсиз бажарардим, эътироз билдирмасдим, эринчоқлик қилмасдим. Ботир Раҳматович профессионал ходимларнинг қадрига етарди. Шундай ишлаганим, доим унга ёқадиган натижани бера олганим учун ҳам мени бир ташкилотдан иккинчисига ўзи билан олиб юрар эди. Унга «жиян» эканимни кейинроқ, «Узметроном»даги8 мақоладан билди.

Ишонч меҳнатнинг орқасидан, садоқат эса яхши ва адолатли муносабат туфайли келади. Лекин буни кўпчилик тушунмайди. Одамлар фақат қариндошларга орқа қилиш мумкин деб ўйлашади.

Парпиев ФВВдан кетганидан кейин мен ҳам у ерда узоқ ишламадим. Лекин бу ташкилотнинг ахборот хизмати савиясини айнан мен янги босқичга кўтардим, деб ўйлайман.

5
{"b":"726649","o":1}