Литмир - Электронная Библиотека

Эсимда, тадбирлардан бирида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Жуманиёзович Раматов3 билан учрашиб қолдик. Ҳозир нима ишлар билан бандлигимни сўради. ЎзМААни бошқараётганимни айтдим.

– Нима ташкилот эди у, эслатиб юборинг? – сўради Раматов.

ЎзМАА шу даражада бор-йўқлиги билинмайдиган, мудроқ ташкилот бўлганки, ҳатто Бош вазирнинг биринчи ўринбосари бу Агентликни бирданига эслолмади. Ташкилот раҳбарлари Вазирлар Маҳкамаси йиғилишларига деярли чақирилмаган. Директорини фақат «бахт мактуби» олиб турган газеталарнинг муҳаррирларигина таниган – уни олиб ташла, буни таҳрир қил… Фақат бир марта, жаноб Тангриев4 «маънавиятга зарар етказганлар»га (унинг назарида, албатта) қарши ЎзА орқали аёвсиз кураш эълон қилганида, унинг донги ҳамма ёққа тарқалди.

Аммо менинг олдимда турган энг асосий масала бинони таъмирлаш эмас, Агентлик директорининг нуфузини кўтариш эди, албатта. Хўп, бунинг учун нима қилиш керак? Мансаб гувоҳномасини пеш қилиб, атрофдан иззат-ҳурмат кутиш бефойда. Яхшиси, жанг санъати қоидаларини қўллаган маъқул. Биринчи навбатда асосий рақибни, ким бошқаларга таъсири, сўзини ўтказишини аниқлаб, зарарсизлантириш шарт.

Ходимларни аттестациядан ўтказиб, бир кун ичида бир неча кишини ишдан бўшатдим. Кейин бутун жамоа олдида Мониторинг маркази директори Хуршид Маматовни лавозимидан олдим. Айнан унинг гуруҳи

Алламжонов айбдор - img_4.png
Алламжонов айбдор - img_5.png
Яхшиямки, ишдан кетганимга ачинган оддий журналист ва блогерлар ҳимоя қилишгани, бўлмаса булар мени янчиб ташлашга тайёр эди.

Мониторинг маркази ЎзМАА ичидаги энг ёпиқ тузилма бўлиб, ҳеч қайси директор унинг остонасидан ҳатлаб ўтмаган. Бир куни хонамдан чиқарканман, бегона кишининг котибимга сурбетларча ўшқираётганини эшитиб қолдим. Котибиятдаги йигитлар эса индамай туришибди.

– Сиз кимсиз? – сўрадим мен.

– Мен Мониторинг марказиданман! – менсимай жавоб берди у.

Улардан ҳамма чўчирди, чунки ўзларини салкам бутун олам хўжайинларидек тутишарди.

– Чиқиб кетинг бу ердан! – аслида бундан қўполроқ гапирдим. – Ким бўлибсиз, ходимларимга дўқ урадиган?

Кўринишидан зиёли ва оғир-босиқ раҳбардан бунақа муомала кутмаган ҳалиги киши довдираб қолди. Индамай чиқди-кетди. Мен ўша заҳоти Мониторинг марказидагиларни йиғилишга чақирдим.

Кириб борганимда, ҳамманинг кўзи менда, биров қизиқиб, биров хавфсираб қараб турарди.

– Ҳозир сизларга қиладиган яхшилигим шуки, – дедим Марказнинг директори ва яна бир неча ходимга, – ўз аризангизга кўра ишдан бўшатаман ва сизларни хотирамдан ўчириб ташлайман!

Мониторинг марказига шу пайтгача амалда ҳамма ишни юритган Дилноза Зиёмуҳамедова5 директор бўлди. Ҳозир у Президент Администрацияси раҳбарининг ўринбосари. Фаҳм-фаросатли, ҳаракатчан оддий ходимларни директор ўринбосарлари лавозимигача кўтардим. Муддат қўйдим, йўл-йўриқ кўрсатиб, ҳаммани ишга солиб юбордим.

Энди энг улкан ва бўйсунмас кит – «Ўзбекистон» нашриёти қолди. Ўша, директори «гапирсам, эрталабгача ўтирамиз», – деган нашриёт. Ростдан ҳам янги вазирга айтадиган гаплари кўп экан – типографиядаги қўшиб ёзишлар, талон-тарож, мулкни ўзлаштириш ҳолатларининг тарихи жуда узун, Иттифоқ даврига бориб тақаларкан. Ҳукуматнинг барча доиралари билан алоқалари зўр йўлга қўйилган. Ҳатто қўшни давлатлар миқёсида ҳам. Ўз-ўзидан маълумки, ҳамма ҳужжатлари жойида. «Ўзбекистон» республикага вагонлаб қоғоз олиб кирадиган нашриёт эди. Айрим фактларни таҳлил қилган ҳолда, катта эҳтимол билан давлат курсида олинган қоғоз мамлакат ичида бозор нархида сотилганини тахмин қилиш мумкин. Ўртада жуда катта пул айланарди. Шунинг учун нашриёт директори мени раҳбар сифатида тан олмади, топшириқларимни бажаришни хаёлига ҳам келтирмади. «Серый кардинал» Маҳмуджон Зайтаев6 бўлиб чиқди. Лавозимида эллик йилдан бери ўтирган мансабпараст, амалдор бу отахон ҳеч нимадан тап тортмасди.

Типография доим давлатдан катта буюртмалар олиб, дарслик, кундалик ва дафтарлар чоп этса ҳам, давлатга фойда келтирмас, аксинча, зарарга ишларди. Аслида даромад кимларнингдир чўнтагига тушар, тизимда меҳнат қилаётган 650 нафарга яқин ишчи эса арзимаган маошини ҳам вақтида ололмасди.

Уларнинг даромад топиш йўлларини ўрганиб, «Қойил!» деб юбордим. Қоғоз салфетка-сочиқчалар ва ҳожатхона қоғози ишлаб чиқарувчиларга ўрам-ўрам чиқиндини ҳам пуллашар экан, шоввозлар! Табиийки, ундан ҳам «откат» – улуш олишган. Хуллас, ҳамма нарсадан пул қилинган. Алмисоқдан қолган нашриёт ускуналари эса тез-тез ишдан чиқар, уларни янгилаш ва замонавий техникани ишга тушириш зарур эди. Лекин эҳтиёт қисмлардан ҳам «откат» олмаса бўлмайди.

Менинг ҳисоб-китобимга кўра, кимларнингдир чўнтагига ҳар йили миллионлаб доллар тушган. Мамлакатдаги энг йирик нашриёт эса талон-тарож қилинган, вайрон бўлган. Лекин бу менинг шахсий кузатув ва хулосаларим. Мен тергов олиб борадиган, кимгадир айблов қўйиб, далил қидирадиган прокуратура эмасман. Аммо ўз фикримни айтишга ҳаққим бор, буни менга ҳеч ким тақиқлай олмайди.

Майли.

Янги йил арафаси. Ишчиларга мукофот пули тарқатилсин, деб топшириқ бердим. Корхонанинг ўзида катта саҳна қурдик. Шерали Жўраев, Юлдуз Усмонова каби санъат юлдузлари, таниқли қўшиқчиларни таклиф қилдик.

Ўзиям роса қиздиришди!

Концертдан кейин, зиёфат охирида сўзга чиқдим.

– Кайфиятлар қалай? – сўрадим йиғилганлардан. – Нимага баъзиларнинг юзида хурсандчилик кўрмаяпман? Янги йил байрам-ку?! Мана, мукофот пули олган бўлишингиз керак…

Ўтирганлар орасида ғала-ғовур бошланди. Қанақа мукофот? Ҳеч ким ҳеч нима олгани йўқ…

Раҳбариятнинг ранги ўчиб кетди.

– Мен ЎзМАА директори сифатида ўз мажбуриятимни бажардим, ходимларни мукофотлаш ҳақида буйруқ бердим. Лекин раҳбарларингиз буйруқни бажармаган.

– Кечирасиз, ҳали улгурмадик… – деган мужмал жавоблар эшитилди.

– Если вы не выполняете мои поручения, я буду вынужден вас уволить, – ответил я. При всех. В микрофон.

– Агар берилган топшириқни бажармасангиз, сизларни ишдан олишга мажбур бўламан, – бу гапни ҳамманинг олдида, микрофон орқали айтдим.

Эртасигаёқ шошилинч равишда мукофот пули тарқатилди. Ҳеч қандай протоколу расмиятчиликка қараб ўтирмаслигимни билиб, ҳайиқишди, шекилли. Ҳамманинг олдида нимани ўйласам, ўшани гапираман, ишдан шартта бўшатишим мумкин, аризага «ўз хоҳишига биноан…» деган ёзувни тиркаб, ими-жимида чопонни елкага ташлаб кетиш йўқ.

Мукофотни вақтида бериш арзимаган масаладек кўриниши мумкин, лекин бу янги раҳбарнинг бир сўзли эканини исботлади. Шундан кейин ишчиларнинг муаммоларини ўргана бошладим. Ўзига хос очиқ эшиклар марафонини эълон қилдим. Истаган ходим келиб, дардини айтиши, савол ёки таклифини бериши мумкин эди. Эрталабдан бошланган кирди-чиқди ярим кечагача давом этарди. Тўйлар, маошлар, таътиллар, даволаниш, ижтимоий имтиёзлар, хат-ҳужжат – кўрмаган масаламиз қолмади.

Типография ходимларини эса огоҳлантирдим: ким ўғрилик қилса, жавобгарликка тортилади. Тўғри, «откат»лар билан солиштирганда бу пул хамир учидан патирдек эди. Кимлардир барибир эски ҳунарини қўймади ва ишдан бўшатилди.

Дарвоқе, директорнинг ҳам ойлигини оширдим. Ундан олдин хусусий бозорда энг зўр мутахассисларнинг меҳнати қанчага баҳоланишини суриштирдим. Натижада, директорнинг маоши 2,5 миллиондан деярли 25 миллионга чиқди.

Ойлиги расман қанча эканини аниқлаганимда, ўртамизда нохушроқ суҳбат бўлиб ўтди:

– Миллиардлаб пул айланадиган, 650 кишилик жамоага бош-қош раҳбар бунақа арзимаган ойликка ишлаши учун ё аҳмоқ бўлиши керак, ёки ўғри. Сиз қайси бирисиз? – сўрадим киноя билан. – Шахсан мен қўл остимда иккала тоифа ҳам ишлашини хоҳламайман.

Раҳбарлар исталган пайтда лавозимидан айрилиши мумкинлигини тушунишди. Топшириқни бажармаса, ишдан оламан. Қаттиқ ва аёвсиз босим ўтказишга тўғри келди.

Маълум вақтдан кейин директор қабулимга келиб, «ўз хоҳишига кўра» лавозимидан озод этишимни сўради. Йўқ! Аниқ бир сабаб бўлса, бўшатаман, ўз ихтиёри билан кетиш йўқ!

Типографиялардан биридаги цехда ишчилар ертўлада ишлашар экан. Бино тахминан эллик йилдан бери таъмирланмаган. Ҳамма ёқда намгарчилик, зах босиб ётибди, хоналар нимқоронғи. Бинони эпақага келтириш учун бир ҳафта муддат бердим. Роппа-роса бир ҳафта! Директор эртасидан ишга чиқмай қўйди. Ҳамма ишни ташлаб, йўқолиб қўя қолди.

2
{"b":"726649","o":1}