Литмир - Электронная Библиотека

Нашриётларнинг раҳбарлари қалтис вазиятда эди. Мени на пора бериб, на кимларгадир қўнғироқ қилдириб ўзларига оғдира олишди. Бундай юқори лавозим эгасига унча-мунча одам ҳадди сиғиб илтимос билан чиқа олмади. Шунинг учун йиллар давомида нашриётлар маблағини ўзлаштириб келганлар секингина жуфтакни ростлашди.

Йўлимизга тўғаноқ бўлаётганларнинг илдизини қуритиш керак эди. Акс ҳолда, улар ишлашга халақит беришлари, устимдан юмалоқ хатлар ёзиб, оёғимдан чалишга ҳаракат қилишлари аниқ. Лавозимида қолганларга ҳар қандай қоидабузарлик ва саботаж учун албатта жавобгарликка тортишимни тушунтириб қўйдим. Ёши ёки кўрсатган хизматларига қарамай, ҳеч кимни аяб ўтирмаймиз, айбдор жазосини олади.

Молиявий текширув ЎзМААга қарашли «Ўзбекистон» нашриёти зарарга ишлаётганини кўрсатди. Ваҳоланки, давлат буюртмаларидан ҳисоб рақамига миллиардлаб сўм тушиб турарди. Вазиятни ўрганиб, ташкилот балансида соҳага алоқаси бўлмаган қандайдир активлар, бинолар борлиги ва улардан фойдаланиш учун жуда катта маблағ сарфланишини аниқладик.

Энг кўпхарж бино «Ўзбекистон» нашриёти қошидаги ётоқхона экан. Ходимлар у ерда ўн йиллаб, авлод-авлоди билан яшайди. Бино нашриёт балансида. Лекин улар доим ижара ҳақи тўлаб келган.

Юристларга масалани ўрганиб, қонуний ечимини топиш бўйича топшириқ бердим. Ҳар бир оила ижара хонадонини ўз номига расмийлаштирсин, ётоқхонада эмас, шахсий уйида яшасин, дедим. Ечим топилди. Шунча йил ижарада турган элликта оила бошпанали бўлди.

Ҳар бир хонадонга бирма-бир кириб, бир пиёла чой устида мезбонларни гапга солдим. «Уйни ўз номингизга расмийлаштиришда муаммо туғилмадими? Ҳеч ким ҳеч нарса тама қилмадими? Уйли бўлиш учун кимнингдир чўнтагига пул солиш керак, деган гаплар бўлмадими?» Ҳаммадан бир хил жавоб эшитдим: Йўқ, унақаси бўлмади.

Бу бизнинг ғалабамиз эди! Уй тақсимоти учун жавобгарлар, агар ортиқча гап чиқса, албатта қулоғимга етиб келишини билиб, бир тийин ҳам ундиришга ҳаракат қилишмаган. Бинони таъмирлаб беришни бўйнимизга олгандик, ваъдамизнинг устидан чиқдик. Ишчилар ҳовлида катта дастурхон ёзиб, худойи қилишди. Мениям таклиф этишди. Сўзга чиқиб, бу уйлар юртимиз Президенти ҳамда Агентлик томонидан тақдим этилаётгани, ҳужжатлар қонуний расмийлаштирилгани ва мендан кейин ҳам ишчилардан уйни ҳеч ким тортиб ололмаслигини айтдим. Кимдир хурсандчилигини ичига сиғдиролмай йиғлаган, кимдир кулган, ҳамманинг кўзи чақнаб турибди, хуллас, эсдан чиқмайдиган кун бўлди.

Президент сиёсатининг асоси ҳам одамлар турму-шини яхшилашдир. Мен команданинг бир аъзоси сифатида шу ишга озгина бўлса ҳам ҳиссам қўшил-ганидан мамнун эдим.

Шунча йил омонат уйда ҳаёт кечириш, омонат уйда фарзанд кўриб, тўй-томошалар қилиш, исталган пайтда кўчада қолиши мумкинлигини ўйлаб, қўрқиб яшаш… Ҳозир ўз уйларида тинч-хотиржам яшаётган ўша одамлар дуоларида мени ҳам эслаб қўйишади, деган умиддаман.

Яна балансимизда республикадаги ягона матбаа-

ноширлик касб-ҳунар коллежи ҳам бўлиб, ёпилиш арафасида турган экан.

Қабулимга директори келди.

– Бинони бўшатиб беришимиз керак, – деди.

– Хўп, яхши. Матбаачиларни қаерда тайёрлаймиз унда?

– Коллежнинг ўзи бўлмайди! – хўмрайиб жавоб берди директор.

– Мамлакатда 1 600та матбаа корхонаси ишлаб турибди-ю, матбаачи тайёрлайдиган бирорта ўқув даргоҳи бўлмайдими?! Бунақаси кетмайди!

Коллежни сақлаб қолдик. Вазирлар Маҳкамасининг бу борадаги Қарорига ўзгартириш киритилишига эришдик. Коллежнинг ёпилишига йўл қўйиб бўлмасди. Чунки китоб, дарслик, ўқув қўлланмалари, кўргазмали ташвиқот воситалари ўрнини ҳеч нима боса олмайди – интернет ҳам, бошқасиям.

Энди олдимизда турган энг муҳим масала СЎЗ ЭРКИНЛИГИ эди. Биз Вазирлар Маҳкамасига бўйсунамиз. ВМ эса вазирлик ва идоралар дегани. Танқид асосан шуларга қаратилган бўлса, қандай қилиб сўз эркинлигига эришиш мумкин? Демак, Агентлик вазирликлар билан тенг мақомда бўла олмайди.

Президентга билдириш хати киритдик. Агентлик бевосита Президент Администрациясига бўйсунсагина ОАВни ҳимоя қилиши мумкин. Масалани шу нуқтаи назардан асосладик. Бизга қўнғироқ қилиб, оғзимизни ёпадиганлар бўлмаслиги керак. Раҳбарият бу таклифни қўллаб-қувватлади.

Агентлик ходимлари маошини бир неча баробар оширдик. Арзимаган пул тўлаб, одамлардан виждонан ишлашни талаб қилиб бўлмайди. Ойликлар қай даражада ўзгарганини тасаввур қилишингиз учун мисол келтираман: бир ярим миллион оладиганларнинг маоши ўн саккиз миллионга чиқди. Соҳани яхши биладиган мутахассис ўз қадрини ҳам билади, ҳалол ишлайдиган бўлса, ўша арзимас пулга кўнмайди.

«Ботир Парпиевнинг жияни» бўлмаганимда, бу ишларни эплай олмасдим, албатта. Мен шафқатсиз солиқ идораси мактабида жуда самарали сабоқ олганман.

Алламжонов айбдор - img_2.png

1 ЎзМАА – Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги. Матбуот ва ахборот соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни таъминловчи давлат органи.

2 Танзила Камоловна Норбоева – Ўзбек давлат ва жамоат арбоби, 2016-2019 йиллари Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасига раҳбарлик қилган.

3 Очилбой Жуманиёзович Раматов – давлат арбоби, 2016 йил 15 декабрда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган.

4 Лазиз Тангриев – 2017 йил июлдан 2018 йил ноябргача ЎзМАА раҳбари бўлган.

5 Дилноза Зиёмуҳаммедова – 2020 йил июндан Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбарининг ОАВ масалалари бўйича ўринбосари, ОАВ, телевидение ва матбуотни ривожлантириш сектори мудири.

6 Маҳмуджон Зайтаев – «Ўзбекистон» нашриёт-полиграфия ижодий уйи директорининг биринчи ўринбосари.

Алламжонов айбдор - img_6.jpeg

II

Парпиевнинг жияни

2001 й.

Санъат институтининг биринчи курсида ўқиётганимда қариндошимиз Бахтиёр ака ҳозирги МТРК-нинг1 ўт ўчириш хизматида ишлайдиган оғайниси Абдусаттор ака билан келишиб, мени телевидениега амалиётга жойлаб қўйди. Ота-онам «Дарсдан кейин лақиллаб юрмасин, ишласин, пул топмасаям, тажриба орттирсин», – дерди. Ўзим ҳам телережиссёрлик касбига қизиқиб, ҳақиқий телевидениечи бўлишга тайёр эдим.

МТРКга кириш осон эмас, бу ниҳоятда ёпиқ ташкилот. Бирор лавозимни эгаллаш у ёқда турсин, энг оддий ишга жойлашиш учун ҳам таниш-билиш керак эди. Абдусаттор акага раҳмат, оддий бир талабани практикага олишга «Давр»2 дастури таҳририятини кўндирди.

Ишга кетаётганимда онам қаттиқ тайинладилар:

– Комилжон, жон болам, ҳеч ким билан уришиб-талашиб юрма, илтимос, бировга гап қайтарма, «хўп-хўп» дегин, нима иш буюришса, дарров айтганларини қилгин, ҳаммага фойданг тегсин, ҳаммага ёрдам бергин, ўғлим…

Худди шундай қилдим. «Режиссёр ёрдамчиси ассистентининг ёрдамчиси» деган шарафли лавозимда ҳаммага фойдали бўлай, дедим.

– Ҳой, бола, сомсага чиқиб ке!

– Хўп.

– Ўв, кассеталарни олиб чиқ.

– Хўп.

– Тайм-кодини ёзиб бер.

– Хўп бўлади…

Секин-секин иш ўргандим, билим, тажриба орттирдим.

Ўша пайтда «Давр»га Фурқат Зокиров раҳбарлик қиларди. Мен унинг учун кераксиз бир матоҳдек эдим. Шунча ишлаб, менга на бир оғиз яхши гапиргани, на мақтаганини эслайман. Фақат танбеҳини, «Ишдан ҳайдайман!» деган пўписасини эшитганман. У мени қанчалик ёқтирмаса, мен ҳам ўша пайтда уни шунчалик ёмон кўрардим. Ҳамманинг олдида мени ҳақорат қилиши ёки арзимаган хатоим учун студиядан ҳайдаб солиши мумкин эди. Ҳеч қачон саломимга алик олмасди, худди бу билан бирор жойи камайиб қоладигандек. Эсласам, ҳалиям тушунмайман, наҳотки бир оғиз сўрашиш шунчалик малол келган бўлса?!

«Давр тонги»га Севара Назархон севишганлар кунида концерт бергани ҳақида кичкина лавҳа тайёрлаб, росмана балога қолдим.

– Қанақа севишганлар? – чинқирди у. – Жиннимисан? Севишганларинг нимаси?! Менга нимани тиқиштиряпсан?

Бақир-чақири бутун МТРКга эшитилди. Шундан кейин иложи борича унинг кўзига кўринмасликка ҳаракат қилдим. Ҳеч ким таҳририятнинг қоидалари, сиёсатини, умуман, телевидениенинг ёзилмаган қонунларини ўргатмасди. Лекин ишни худди тажрибали одамдан сўрагандек талаб қилишарди. Алам қиладигани шу эди. Ишимни қойил қилиб бажаришга ҳаракат қилганим сари сўкиш эшитардим. Мен ўзим-га бошқача бир муносабат талаб қилмайман. Лекин дўқ-пўписа, ҳақоратни умуман кўтара олмайман. Гап эшитмаслик учун ҳамма ишни астойдил, ўз вақтида бажараман.

3
{"b":"726649","o":1}