Литмир - Электронная Библиотека
Содержание  
A
A

Аввал уй пойдеворини қур, сўнгра эса томни ёп ва дарахт эк. Буюк ишларни кичик қадамлар билан қил. Йўл ниҳоясида сен майда-чуйдалар билан эмас, оламшумул натижадан қувонасан.

Кишилар марафонга югуришдан олдин қачонлардир эмаклашган кейин тета-поя қилишган, сўнгра юришган, ундан сўнг чопишган. Кейин ҳар куни машқ қилишган ва соғлиқларини мустаҳкамлашган. Шундан кейингина марафонга югуришади.

Юришни ўрганмасдан туриб, югуришга ҳаракат қилма. Қийин иш кетма-кет бажарилиши лозим. Кўпвазифалик самарасиз.

Агар буни майда ишларга ажратиб чиқсанг, ҳеч бир қийин жойи йўқ

Сен бу ҳақда ўйлаб кўрадиган бўлсанг, ҳақиқатан ҳам ҳеч бир мураккаб жойи йўқлигини кўрасан. Сен тоққа қадам-бақадам кўтариласан, алоҳида қадамлар бутун бир кўтарилишга қараганда унчалик оғир эмас. Катта муаммоларни кетма-кет, қадам-бақадам ҳал қилиш муваффақиятга етаклайди.

Катта муаммолар мавжуд эмас, фақат кўплаб майда муаммочалар бор. Генри Форд

Китдан бир вақтда битта тишламдан узиб ол, ажойиб кунларнинг бирида у еб битирилади.

Мақсадни бир неча қисмларга бўлиб ташла

Якуний мақсадингни аниқлаб олганингдан сўнг, уни эришиладиган қисқа муддатли мақсадларга бўлиш учун бир муддат вақт керак бўлади. Олдинга ҳаракат қила туриб, эътиборингни қисқа муддатли мақсадларга эришишга қарат. Оралиқ мақсадларингга тартиб бўйича эриш, яъни бир пайтда фақат битта мақсад бўлсин. Эсда тут, бир ҳамла билан катта мақсадни эгаллашга ҳаракат қилиб, сен унга эришишга бўлган ишончингни йўқ қилишга таваккал қилган бўласан.

Мақсадга эришиш режасини туз

Бу бутун ҳаётингга ҳам, жумладан, ҳар бир ишинга ҳам тегишли. Сен ҳар сафар аслида нима истаётганингни ҳам касбий, ҳам шахсий нуқтаи назардан аниқ биладиган бўласан. Сен мақсадинг томон ҳаракатланишни давом этсанг, ҳаётинг қандай кўриниш олишини аниқ биласан. Бу сенга йўлдан адашмаслик ва халақит қилаётган барча нарсадан қочишга ёрдам беради.

Ҳеч қачон аввалдан ўйланган нарса ўрнига, камроғига рози бўлиб, қадрингни туширма.

Аввал фикр келиши, сўнгра бу фикр ғоялар ва режалар бўлиб ташкил топиши, сўнгра реалликка айланиши лозим. Наполеон Хилл

Ўз йўлингни мунтазам тўғирлаб тур

Келажак учун ҳар қандай режа, ҳақиқатда юз бериши мумкин нарсаларнинг хомаки лойиҳаси. Бинобарин олдиндан ҳеч нарсани кутма, ҳамма нарсага тайёр тур. Шуни эсдан чиқармаслик лозимки, сен таъсир кўрсата ололмайдиган ҳодисалар ҳам бор.

Бизнесда ва ҳаётда режалаштириш жуда муҳим, аммо шунингдек режани тезда ўзгартириш қобилияти ҳам муҳим. Кўплаб кишилар ва воқеалар сенинг режангга аралашиб қолиши мумкин, шу сабабли вақти-вақти билан сен режангни ўзгартиришга ёки уни умуман унутишга лаёқатли бўлишинг лозим.

Режани тўғирла, аммо мақсадни ўзгартирма

Ҳар бир ҳаракатнинг ўз оқибати бор, агар сен мағлубиятга учраётган бўлсанг, буни ҳозирги режанг яхши ишламаётгани ҳақидаги “хабар” сифатида қабул қил. Ўз мақсадингдан воз кечишнинг зарурияти йўқ, шунчаки стратегияни ўзгартир. Режангга ўзгартиришлар киритиш учун сенга мағлубият томонидан узатиладиган хабардан фойдалан.

Режанг кутилаётган натижаларга олиб келмагунча, уни ўзгартириб бор.

Қайишқоқ бўл

Режа реалистик бўлиши ва кутилмаган воқеаларни кўзда тутиши лозим. Бошланғич режага ҳеч қандай ўзгартиришлар киритмасдан кўр-кўрона риоя қилиш мумкин эмас, чунки ҳаёт ҳар доим ўз тузатмаларини киритиб келади. Шу сабабли, мақсадга томон бораётганда, мослашувчан бўл.

Айтишади-ку, ҳар доим яхши бўлишига умид қил, аммо ёмон нарсага ҳам тайёр тур.

Ўз-ўзидан бўладиган ҳаракатлар ҳам яхши

Режалаштириш – бу ажойиб, аммо ўз-ўзидан бўладиган ҳаракатлар ҳам яхши. Гоҳида спонтанлик ва кутилмаганликни намоён қил, бу ҳаётни қизиқарлироқ қилади.

Мунтазам

Доимий

Секин-аста, аммо тўғри.

Кўплаб ҳайратда қолдирувчи муваффақият тарихлари тинимсиз ишлаган одамларга тегишли. Сен таслим бўлганлар ҳақидаги воқеаларни ҳеч қачон эшитмайсан. Теварак-атрофимизда биз фақат сабот ва тиришқоқлик билан ўз мақсадига эришаётганлар ҳақида тинглаймиз.

Факт: Томас Эдисон электр лампочкаси устида ишлаётган вақтида 10000 марта омадсизликка учраган. Энди эса ўйлаб кўр, агар у 9999 мартадан сўнг қўл силтаганида нима бўлган бўларди?

Тез – бу секин, аммо тўхтовсиз

Тез, жадал, кескин, жуда кучли керак эмас. Мунтазам бўлишнинг ўзи етарли. Энг асосийси – маромни ушлаб туриш. Оз-оздан, аммо барқарор кетма-кетлик билан. Маълум вақтдан сўнг эса четдан қараганда бу тез, жадал, кескин ва жуда кучли каби кўринади.

Ҳар куни нимадир қилиш одати

Ҳар куни сени муваффақият томонга силжитадиган битта бўлса ҳам қадам қўйишни ўзингга қоида қилиб ол. Майли, бу 5 дақиқалик иш бўлсин, аммо ўзингни бўш қўйма. Ҳаттоки бу дам олиш куни бўлса ва жуда эринсанг ҳам – ўрнингдан тур ва нимадир қил. Бир йилда 365 кун бор. Агар ҳар куни 1 қадам қўйсанг, у ҳолда бу 365 қадам бўлади. Бу аста-секин ўзингни интизомга буйсундиришни ўргатади, сени руҳлантиради ва ўз-ўзингга қўядиган баҳоингни кўтаради. Шу сабабли ҳар куни муваффақиятинг томон бир қадам қўй.

Бўшашма

Ҳар қандай “яхши даврлар” – бу ҳар доим ўтмишда тиришқоқлиқ билан қилинган меҳнат ва ўз кучини аямаслик натижасидир. Бугун сен қилаётган нарса – эртанги муваффақиятларинг гарови. Агар эртага ҳам меҳнатинг самарасини кўрмоқчи бўлсанг, ҳар куни уруғ соч. Агар бир дақиқага бўлса ҳам эътиборингни сусайтирсанг, сўзсиз орқага кета бошлайсан.

Ҳеч қачон келажакка сармоя сарфлашдан, ўз-ўзингни камолотга етказишдан, нимадир янги нарсалар қилишдан тўхтама. Ўз ишингни яхшироқ қилиш учун тўхтаган лаҳзанг, у сўла бошлайди..

Ҳар куни оз-оздан бўлса ҳам яхшироқ бўлиб боришни олдингга мақсад қилиб қўй. Японларнинг кайдзен йўл-йўриғига амал қил: кичкина кундалик яхшиланишлар пировардида катта муваффақиятга олиб боради.

Ҳар кунлик иш – муваффақитингиз гарови. Бир соат бўлса ҳам, аммо ҳар куни вақтингиздан орзуйингиз учун ажратинг.

Фақат олдинга

Олдинга ҳаракат қилишда давом эт. Гарчи боксда муваффақият рингдаги жангчининг тайёргарлиги ва маҳоратига тўғридан-тўғри боғлиқ бўлса ҳам, ҳар ким ҳам мағлуб бўлишини эсда тутиш лозим. Зарба кетидан зарба йўллаётган ва рингда тинимсиз ҳаракатланаётган рақиб билан жанг қилиш қийин. Ҳаракат нафақат қарама-қаршиликка, балки чидамлилик, куч ва маҳорат жангига айланади. Шу нарсани ҳаётга ҳам татбиқ этса бўлади.

Ҳаракатлантирувчи кучни йўқотма

Ишла, ишла ва яна ишла. Назоратни сусайтирма. Йиқилсанг – тур, яна йиқилсанг – яна тур. Ҳаёт экансан тўхтама, жим турма, Руҳинг бу оламни тарк этмагунча ҳар доим ўрнингдан туравер.

Шунчаки ҳаракатни давом эт

Сен ҳозирча тўхтамас экансан, қанчалик секин бораётганинг муҳим эмас. Агар тўғри йўлдан кетишда давом этсанг, пировардида ўз кўзлаган манзилингга етиб борасан.

Муваффақият қозонган инсон – бу ғоясига содиқ қолган ва, вазиятларга қарамасдан, мақсади томон ҳаракат қилаётган инсондир.

Тезлик ҳеч қачон ҳеч кимни ўлдирмаган, кутилмаганда тўхташ… мана нима ўлимга сабаб. Жереми Кларксон

Қунтлик даражангни аниқла

Қунт билан ишла. Қанча қунт билан ишласанг, шунча кўп натижа бўлади. Сен учун ўзинг қилаётган ишни севишга ва кўринарли натижани геометрик прогрессияда кўпайтиришга имкон берадиган тиришқоқликнинг (қунтнинг) керакли даражасини аниқла. Муваффақиятнинг бор моҳияти ана шунда.

7
{"b":"685266","o":1}