Литмир - Электронная Библиотека
Содержание  
A
A

Баъзида ҳаётда бизга айнан кучланиш керак бўлади. Агар умуман қийинчиликларсиз яшаганимизда, насибамиздан бебаҳра қолардик. Ҳозиргидек кучли бўла олмасдик. Ҳеч қачон парвоз завқини туймасдик.

Аслида сен ёлғизсан

Дўстларим менга ёрдам беришади деб ўйлаш – катта гумроҳлик. Асло бундай эмас, буни англа ва тушун. Биз дўстларимиз деб атайдиган кишилар ҳам бизга ўхшаш одамлар ва уларнинг ҳам ўз муаммолари бор.

Сен олдингга ҳаракат қилишда давом этаркансан, улардан кўпчилиги ўтмишда қолиб кетади…

Дўстлик, муносиблари жуда кам бўлган кишилар билан ҳақиқий дўстлик – тиришқоқликни талаб қилади. Агар дўстлик ташлаб қўйилса – у сўлади. Дўстларингни эсла, дўстларингни сев, дўстларингни қадрла. Уларнинг хатоларига кўзингни юм. Аммо, фақат ўзингга ишон.

Ёлғиз парвоз қилишдан қўрқма: барчамиз бу Оламда ёлғизлигимизни эсда тут. Сен бир ўзинг дунёга келгансан ва бир ўзинг дунёдан кетасан.

Феълинг қанчалик кучли бўлса, ҳақиқий дўстлар шунча камроқ бўлади.

Қўйиб юборишни ўрган

Ҳаётинг давомида кўплаб кишиларни учратишингга тўғри келди. Сен ҳар доим ёнимда бўлади деб ҳисоблаган дўстни ҳам учратдинг, аммо сўнгра нимадир юз берди ва йўлларингиз бир умрга ажралиб кетди. Ҳаётинг йўлида сен билан охиригача боришга қодир бўлмаган ёки буни истамайдиган одамлар учрайди – бу аслида унчалик ёмон эмас. Ҳаёт – бу турли воқеаларнинг кетма-кетлиги бўлиб, баъзан бир-бирларини кесиб ўтишлари билан ҳам мафтункор. Баъзида йўлимизда ҳаёти тарихи бизники билан охирига қадар чатишиб кетган одамлар учрайди, баъзида эса улар ҳаёт китобимизнинг бор-йўғи бир-икки боби давомида биз билан бирга бўлишади. Ушбу бобнинг ниҳоясига етганини тушуниш ва янги варақни очишга куч топиш учун ҳақиқатан ҳам жасур одам бўлиш керак. Мард бўл. Биров билан видолашганда қайғурма, чунки ҳар бир хайрлашув ортидан янги дийдорлашув келади.

Ёлғизликдан қўрқма

Руҳияти кучли одамлар ёлғизликдан баҳра олишади. Улар ёлғизликдан ўз ўтмишларини чиғириқдан ўтказиш ва келажакни режалаштириш учун фойдаланишади. Яна энг муҳими шуки, уларнинг бахти ва кайфияти бошқа одамларнинг феъл-атворига боғлиқ бўлмайди. Улар бошқа одамлар билан биргаликда ҳам, ёлғизликда ҳам бахтли бўла олишади.

Сен ёлғизликни кўтара олмайдиган одамларни биласанми? Улар битта муносиб бўлмаган муносабатдан қутилиб, яна шундай номуносиб муносабатни боғлашади.

Нима учун? Чунки улар бошқа одамларга жуда ҳам кучли боғланиб қолишган. Улар ҳиссий, эҳтимол, молиявий кўмаксиз яшай олишмайди.

Сен ҳар қандай муносабатларда ҳам биричи ўринда турадиган шахс бўлиб қолишинг лозим. Бу шуни англатадики, сен маълум бир муносабатлардан роҳатланишинг мумкин, аммо буни бирдан-бир мақсад қилиб олишинг керак эмас.

Маънавий кучли одамлар ёлғизликда яшай олишади, улар сукунатдан қўрқишмайди. Улар ўз фикрлари билан ёлғизликда бўлишдан қўрқишмайди, улар унумдорликни ошириш учун тин олиш вақтидан фойдаланишади. Улар ўз-ўзи билан мулоқотдан баҳра олишади ва бошқа одамлар, дўстлар, муносабатлар ва кўнгил очишлар измида туришмайди, аксинча ёлғизликда ҳам бахтиёр бўла олишади.

14-ҚОИДА. МАСЪУЛИЯТНИ ЎЗ БЎЙНИГА ОЛИШ

Ўтмишдаги, ҳозир ва келажакдаги хатоларинг учун барча воқеаларнинг бош иштирокчиси, яъни ўзингдан ташқари ҳеч ким айбдор эмас. Бу сени чўчитиши мумкин. Аслида унчалик қўрқинчли эмас. Дунё – иш берувчимиз, у ўз ходимларининг муваффақияти ва жавобгарлигини кузатади ва уларга яна ҳам йирикроқ лойиҳалар, ва табиийки, улар татбиқи учун яна ҳам каттароқ куч беради. Ҳар қандай омадсизлик – бу яхши дўстлар ва бебаҳо амалий тажриба орттириш демакдир. Инсон ўз сўзи ва фикрлари учун қанчалик яхши жавоб берса – у шунча кўп муваффақиятга эришади.

Масъулиятли бўл. Ўзинг, ишинг, ҳатти-ҳаракатларинг учун

Ҳар бир қадаминг ўзинг ва одамлар олдида, Худо олдида масъулият билан қўйилиши лозим. Енгилтак бўлишга ўзингга имкон берма.

Хато қил, сабоқ ол, аммо олдинга ҳаракат қил, ҳар бир хатолик сени янада кучлироқ қилишини бил. Ўзингни аяма.

Одамларга ёрдам қил, фақат ўз фойданг учун яшама, ўшанда бу ҳаётда ҳам, нариги ҳаётда ҳам бунинг мукофотини оласан. Қалбли ва юракли ҳақиқий одам бўл. Тоза нигоҳли ва эркин фикрли бўл. Юрагингни бегона одамлар ва ёлғон қадриятларнинг бидъатлари туфайли ғубор қопламасин.

Иродали бўл ва ҳеч нарсадан қўрқма, қўрқувинг бўлсин, аммо бу қўрқувни бостириш учун куч ва иродага эга бўл.

Эркак номига лойиқ бўл.

Ўзига жавобгарликни ола билган шахс, етакчидир

Ҳамма раҳбар ёки бошлиқ бўлишни истайди. Бир умр раҳбарининг инжиқликларини бажариб ўтишни ёки майда югурдак бўлиб қолишни ҳеч ким истамаса керак. Аммо раҳбарлик – бу, аввало, нафақат ўзи, балки ходимларнинг фаолияти ва ҳатто фаолиятсизлиги учун улкан жавобгарлик эканлигини кўпчилик англаб етмайди. Чунки бутун жамоанинг иши натижаси айнан ходимлар фаолиятига боғлиқ бўлади. Шунга яраша, фақат кучли ва масъулиятли инсон муваффақиятга эришиши, ўз ҳаётининг хўжайини ва ўз корхонасининг бошлиғи бўлиши мумкин.

Етакчилар масъулиятдан қўрқмайди

Улар атрофдагилар фикридан фарқ қилса ҳам мустақил қарор қабул қилишади. Улар бирор-бир ишни қилиш учун бошқа одамларга суянмайди. Улар ўз ички дунёсига нигоҳ ташлаб ва ўзлари эга бўлган жорий имкониятларига таянган ҳолда, ечимни жойида топишга ҳаракат қилишади. Мабодо улар хатога йўл қўйишса, уни тан олишади ва шу заҳотиёқ кейинги сафар адашмаслик, хатони такрорламаслик йўлларини ўйлаб топишади.

Натижага жавобгарликни бошқа одамлар ёки вазиятларга юклама

Натижа учун, барибир, ўша натижага эришини истаган одам ўзи жавоб беради. Агар омадсизлик сенинг айбинг билан юз бермаган бўлса ҳам, натижа айнан сенга керак бўлгани сабабли, барча таваккал учун айнан ўзинг жавобгар бўласан. Тегишли равишда, ғалаба қозонганинг тақдирингда ҳам барча мукофотлар айнан сенга тегади.

Жавобгарликни ҳар доим ўз бўйнингга ол

Ўз омадсизликларинг ва хатоларинг учун бошқаларни айблай бошлаганингни сезиб қолдингми? Дарҳол ичингдаги мулоқотни бошқа самарали йўналишга қайта йўналтир. Масалан, ўзингга-ўзинг “мен вазиятни ўнглашим учун нима қилишим керак?” деган саволни бериб кўр. Сўра ва жавобларни изла.

Худо бўлиш қийин, аммо керак

Йўлинг имконсиз бўлиб туюляпти, аммо уни шахсан босиб ўтишинг керак. Қанчалар ғайритабиий бўлиб туюлса ҳам Қадам Бос. Ҳаёт китобининг бир қисми матни ўзгариб кетиши, ҳатто тушингга ҳам кирмаган янги масалаларни ечишингга тўғри келиши мумкин. Жараённи тўхтатиб ёки қайтариб бўлмайди. Сен ортга қайтиш кўприкларини ёқиб юборгансан, энди эса баҳоналар излаб, ўзингни у ёқ – бу ёққа ташлама, энди ўзинг ўз бахтинг меъморисан.

Қўрқинчли, а?

Сен ўзинг танлаган одамлар қуршовидасан

Ходимларингдан баъзи бирлари сени ақлдан оздираяптими, баъзи бир мижозлар хуш ёқмайдими, баъзи бир дўстларинг худбинми?

Уларни ўзинг танлагансан. Агар бахтсизлигингга атрофингдаги одамлар сабаб бўлса – бу уларнинг айби эмас. Бу сенинг айбинг. Улар сенинг шахсий ва касбий ҳаётингда иштирок этишаётгани сабаби шундаки, сен ўзинг уларни ўзингга тортгансан ва қолишига рухсат бергансан.

Ўзинг ишлашни истайдиган одамлар ҳақида ўйлаб кўр, ўзинг мулоқот қилишни истайдиган мижозлар ҳақида ўйлаб кўр, дўстларинг қандай бўлишини исташинг ҳақида ўйлаб кўр.

Кейин эса ўзингни ўзгартир – бошқа одамларда кўришни истаган фазилатларни ўзингда ривожлантиришни бошла. Ана шунда худди шундай одамларни ўзингга торта бошлайсан.

15-ҚОИДА. ҲЕЧ КИМГА ТОБЕ БЎЛМАСЛИК

15
{"b":"685266","o":1}