Литмир - Электронная Библиотека
Содержание  
A
A

Масал: Ўзи қаердасиз?

Фалокат туфайли ҳалок бўлган бир гуруҳ одамлар бизникига жудаям ўхшаб кетадиган дунёга тушиб қолишганини пайқаб қолишди. Бу дунёда барча қулайликлар ва турли-туман ўйин-кулгулар бисёр эди. Бир пайтнинг ўзида одамлар дўзахда эканликларини билиб қолиб, яна ҳам қаттиқ ҳайратга тушишди.

Енгил ҳаётни истаганлар – унга эга бўлишди. Пул, мол-дунё истаганлар – уни олишди. Барча турдаги амбициялар қониқтирилди. Дўзахда истаган нарсани олишга кўмаклашувчи кўплаб иблислар бор эди.

Аммо “шикоятлар куни” деб аталган кунларнинг бирида бир талай дўзах аҳолиси катта иблис қабулига келиб, шундай дейишди:

– Биз бу ерда ажойиб ҳаёт кечиряпмиз: тинимсиз базмлар, ёрқин кечалар, ҳар қандай ўйин-кулгу мавжуд. Аммо биз кундан-кун заифлашиб бораётганимизни ва бир-биримиздан узоқлашаётганимизни сезиб қолдик, осонгина эга бўлган нарсаларимизни жуда тез йўқотяпмиз…

– Хўш, нима бўпти, – ҳайратланибди иблис, – сизлар ахир дўзахдасизлар-ку, ёки қаердасиз ўзи?

Сен ўзгартиришинг керак бўлган ягона одам – бу сенсан

Сенинг ҳозирги ҳолатинг бу олдинги ҳаракатларинг натижаси. Сабаб ва оқибат қонунини ҳеч ким бекор қилмаган. Мана ўйлаб кўр, эртага бу натижа бошқача бўлиши учун бугун нима қилиш керак?

Ичингда ва ташингдаги сен билан юз бераётган барча нарсанинг сабаби – баҳоналар, феъл-атворинг оқибати. Сенинг душманинг – мағрурлигинг.

Жилов қоидаси

99% одамлар жилов қоидаси бўйича яшайди.

Ҳаётингда бир марта бўлса ҳам дўкон олдида хўжайинини кутиб турган итга, ҳойнаҳой, кўзинг тушган бўлса керак, унинг жилови ердан чиқиб турган қозиққа шунчаки илиб қўйилган, бу темир парчасидан жиловни чиқариб олишдан осон нарса йўқдек туюлади, ит тишлари, тумшуғи билан уни кўтариши, сакраши, орқа оёқларида туриши мумкин – усуллар тиқилиб ётибди…

Аммо кучукча буни билмайди ёки эркин бўлишни истамайди, ахир хўжайин билан ёнма-ён иссиқ, қулай, ҳар доим емиш, сув, бошпана бор… Қаерда унга яхши эканлигини ким ҳам билади – хўжайин билан уйдами ёки қишу совуқлари, қору-ёмғирлари бўладиган эркинликдами… Эркинлик ва хавфсизлик қонуни эсла.

Инсон ҳам худди шундай… иссиқ, қулай офисда ўтиради, қаҳва ичиб, бутербродлар ейди, ҳар оқшом уйга қайтади, ҳар тонг яна иссиқ ва қулай офисига келади, бу ерда уни “хўжайини кутиб туради”, эҳтимол уни ҳеч қачон кўрмас ҳам…

Занжирланган итга ўхшаб инсон атрофида “эркинликка чиқиш учун” кўплаб имкониятлар мавжудлигини кўрмайди ёки кўришни истамайди, шунчаки атрофга назар солиш ва нима қилиш кераклигини тушуниш кифоя.

Аммо итдан фарқли ўлароқ, инсон “эркинликда” ўзини иссиқлик билан ҳам, қулайлик билан ҳам таъминлай олиши мумкин, фақат истаса бўлгани… Балки уриниб кўриш керакдир, балки қулайлик ҳудудидан чиқиш ва “ўз эркининг хўжайини” бўлиш пайти келгандир?

Масал. Ёруғ жойдан жавоб қидирма

Бир киши тунда чироқ тагидаги майсазор устида ниманидир қидирар эди.

Бошқа одам унинг олдига келди ва сўради:

– Нима излаяпсиз?

Киши жавоб берди:

– Хонадоним калитини.

– Қаерда йўқотдингиз?

– Ана у ерда.

– Нима учун бу ердан излаяпсиз

– Бу ер ёруғроқ-да.

Кулгули, а? Мен бундай демаган бўлардим. Биласанми, биз жуда тез-тез шу каби бемаъни иш қиламиз. Саволларимизга жавобларни ёруғ жойдан излаймиз. Даромад излаб ёруғ жойда, бизсиз ҳам рақобат юқори бўлган жойда бизнесимизни яратамиз. Аслида эса бизни бойликка етаклайдиган пуллар, ана у жойда, қоронғуликда ётибди. Аммо биз қайсарлик билан ёруғ жойдан излашда давом этамиз. Биз у орқали ҳақиқий пуллар ишлаб топиш мумкин бўлган қандайдир янги ва ноёб нарса яратиш ўрнига, шаҳримизда ўн еттинчи тўйхонани очишга пул сарфлаймиз.

Бу туннелли, стереотипли ёки қулайликдаги фикрлаш деб аталади. Шу сабабли ўзингда ноанъанавий фикрлашни ривожлантириш учун ҳаракат қил.

11-ҚОИДА. УСТУВОРЛИКЛАРНИ БЕЛГАЛАБ ОЛИШ

Буюк нарсалар ҳақида кўп ўйлайдиган эмас, балки майда-чуйдалар ҳақида кам ўйлайдиган киши донодир.

Муваффақиятга эришган кишилар қийматидан қатъи назар қадриятларга эътибор қаратишади.

Масал – Тошли банка

Фалсафа профессори ўзи таҳсил берадиган синф ўқувчилари олдига беш литрли банкани қўйди ва уни диаметри 3 см. дан кам бўлмаган тошлар билан тўлдирди.

Сўнгра талабаларидан “банка тўлами?” деб сўради. “Ҳа, тўла” деб жавоб беришди. Шунда у нўхат тўла банкани очди ва уларни катта банкага тўкиб, уни бир оз силкитди. Табиийки нўхатлар тошлар орасидаги бўш жойларни тўлдирди.

Профессор талабаларидан яна бир марта “банка тўлами?” деб сўради. “Ҳа, тўла” деб жавоб беришди. Шунда у қум тўлдирилган қутини олди ва банкага тўкди. Табиийки, қум барча мавжуд бўш жойларни эгаллаб, ҳамма нарсани ёпиб қўйди.

Профессор талабалардан яна бир марта банканинг тўла ёки тўла эмаслигини сўради. “Ҳа, бу сафар шубҳасиз тўла” деб жавоб беришди. Шунда у стол тагидан 2 банка пиво чиқарди ва сўнгги томчисига қадар банкага қуйиб, қумни ҳам бўктирди. Талабалар кулиб юборишди.

Энди эса сен шуни билишингни истайман,

Банка – бу сенинг ҳаётинг,

Тошлар – бу оила, соғлиқ, дўстлар, фарзандлар каби, ҳаттоки қолган барча нарсаларни йўқотган тақдиринг ҳам, ҳаётинг тўла бўлиб туриши учун зарур бўлган муҳим нарсалар;

Нўхатлар – бу шахсан ўзинг учун муҳим бўлган нарсалар: иш, уй, машина;

Қум – бу қолган барча майда-чуйда нарсалар.

Агар банка аввал қум билан тўлдирилганида нўхатлар ва тошлар жойлашиши учун жой қолмаган бўлар эди. Ҳаётингда ҳам худди шундай, агар ҳамма вақтингни ва қувватингни майда-чуйдаларга сарф қилсанг, муҳим нарсалар учун жой қолмайди. Сени бахтли қиладиган нарсалар билан шуғуллан: болаларинг билан ўйна, турмуш ўртоғингга вақт ажрат, дўстларинг билан учраш. Бир пас ишлашга, уйни йиғиштириш билан шуғулланишга ва автомобилни ювишга ҳар доим вақт топилади.

Энг аввал тошлар яъни ҳаётдаги муҳим нарсалар билан шуғуллан; ўзинг учун муҳимлар нарсаларни белгилаб ол: қолганлари – бу фақат қумлар.

Осон нарсани эмас, зарурини қил

Вақтнинг ҳар қандай лаҳзасида ва ривожланишнинг ҳар қандай босқичида энг муҳим иш мавжуд бўлади, уни амалга ошириш мазкур лаҳзада энг катта натижа келтиради. Кўпинча бу энг меҳнат талаб қилувчи ёки мураккаб иш бўлади. Сенинг вақт захиранг чекланган. Шу сабабли шу каби ишларни қил. Улар ўз-ўзидан ҳал бўлиб кетмагунча чўзма ва кутма. Оддий ишларни эса сен ҳар доим қилишга улгурасан ёки уни бошқа бировга топширишинг мумкин. Муҳим бўлмаган ҳеч нарса шошилинч эмас. Нимаики шошилинч бўлса, бу беҳаловатлик, холос.

Камроқ қил

Аксарият одамлар ўта кўп қилишга ҳаракат қилишади. Уларнинг ҳаёти ишлар рўйхати билан тўла, улар одамлар эмас, гўёки роботлар каби бу рўйхатнинг барча бандларини бажаришга ҳаракат қилишади. Бу рўйхатни отиб юбор, аслида нима муҳим эканлигини шунчаки тушуниб ет. Робот бўлишни бас қил, ўзинг севган нарсани қил. Буни муҳаббат билан қил.

Сен учун ҳамма нарсадан муҳим бўлган ишларнинг муҳим бўлмаганлар соясида қолиб кетишларига имкон берма. Ҳар куни ўзингни текшириш учун вақт топ: “Бу менинг вақтим ва кучимдан энг яхши фойдаланиш бўлдими?”. Вақтдан фойдаланиш ҳаётдан фойдаланиш демак, шу сабабли вақтингдан иложи борича яхшироқ фойдалан.

Муваффақиятли одамлар муҳим нарсаларни жой-жойига қўйишади ва майда-чуйда васвасаларга берилишмайди. Арзимаган нарсаларга ёпишиб олиш ва пайсалга солиш ўрнига, улар энг муҳим ишларни биринчи навбатда бажаришади. Бу ҳаётдан қувонишга монелик қилиб, устингда осилиб турган таранглик ва юкдан халос бўлишга кўмаклашади.

Миқдор эмас, сифат томон йўнал.

11
{"b":"685266","o":1}