Литмир - Электронная Библиотека

Насимжон айрим кишиларнинг “ҳислат”ларини эринмай бир-бир ёзиб чиқди. Фельетонга имзо қўйишга келганда бир оз ўйланиб қолди, “ўзимни қўйсаммикан? Йўқ, бўлмайди. Бир группа колхозчилар, деб қўя қолайми? Шундай десам бўлади, аммо бу илгарилари ёзиб юрганимдек, милиция ёки прокуратурага ёзилган шикоят эмас. “Муштум”дагилар авторсиз хатни босишмайди”.

Шу пайт унинг миясига бошқа бир фикр келди:

“Автор ўрнига “Муштум”нинг районимиздаги штатсиз мухбири Нўъмонжон Қиличбоевнинг номини қўйганим маъқул”.

Насимжон фельетонни қайта бир бор ўқиб чиқди, тагига “штатсиз мухбирингиз Нўъмонжон Қиличбоев” – деб ёзиб столнинг бир бурчагига суриб қўйди. Стол устида сочилиб ётган “Беломорканал”дан бир дона олиб, хонанинг у ёғидан-бу ёғига юриб чека бошлади. Папиросни чекиб бўлмай, яна стулга ўтирдида, бошқа бир қоғозни олиб ёза бошлади:

“Ҳурматли раис ака! Илтимосингизни бажо қилдим. “Ёнғин” чиқишининг олдини олиш мақсадида, сутдек оқ бўлган партком секретари, ревком раиси сингари сизга эгри кўз билан қаровчи кишилар устидан фельетон ёздим. Сиз курортдан келгунингизгача бу иғвогарларнинг калиши тўғрилаб қўйилади. Бу биринчи “холис” хизматим эмаслиги фақат сиз билан менга маълум албатта. Ўтган ойда, омбор мудири гапга кирмай қолди, деганингизда бир группа колхозчилар номидан “Нафс балоси” деган фельетон ёзиб, район газетасига юборган эдим. Хат эгасини тополмадилар. Анча тўполон бўлди. Шундай бўлса ҳам, ҳар калай, омбор мудирининг анча попуги пасайиб қолди. Милиция вакили Азимов ҳақида бир оз койинган эдингиз, устидан “порахўр, колхозчиларнинг уйига кириб чой ичади, ундай қилади-бундай қилади” – деб етмиш хил айбни бўйнига қўйиб, “юқори”га хат ёздим. Ўғлингизни “ёш қизга ўйланди” деб иғво кўтарган бир-икки активларнинг ҳам юзини қора қилишда хизматимни аямадим. Майли, ҳаммасини ҳам хатга ёзиб бўлмайди. Деворнинг ҳам қулоғи бор, деб бежиз айтишмаган. Ўйлайманки, келганингиздаи кейин бу хизматларим эвазига мени товуқ фермасига ишга қўярсиз.

Ҳурмат-эҳтиром билан Насимжон Ғаразов”.

Насимжон хатни ёзиб тугатар экан, кўз олдида Самандаров пайдо бўлди. У бир қўлини олдинга чиқиб турган қорни устига қўйганича иккинчи қўли билан мош-гуруч мўйловини силаб Насимжонга “қойил” дегандек жилмайиб турарди. Насимжон хатнинг охирига “Совға олишни унутманг” – деб ёздида, стол тортмасидан иккита конверт олиб, бирига фельетонни, иккинчисига Самандаровга ёзилган хатни солди. Адресларини ёзмоқчи бўлиб турган эди, дераза орқасидан кимдир ўтгандек бўлди. Хатларни апил-тапил яшириб, ташқарига чиқди. Ҳовлида ҳеч ким кўринмасди. Қайтиб кириб, конвертларга адрес ёза бошлади…

Орадан бир неча кун ўтди. Насимжон хаёлчанг деразадан ташқарига қараб турган эди, почтальон қиз кириб келди. У Насимжонга бир қоғозни узатиб:

– Мана бу ерга олганлигингиз тўғрисида имзо чекинг, – деди.

– Ия, кимдан, нимага? – дея ҳовлиқиб қолди Насимжон.

– Прокуратурадан. – деди почтальон. – Қани тезроқ имзо чека қолинг, ишим зарур…

Насимжоннинг хаёлидан турли ўйлар ўта бошлади. Дастлаб бундан икки кун олдин район марказидаги меҳмонхонада бўлган жанжални эслади. Ўша куни меъёридан ортиқроқ ичиб, ўрта ёшли бир кишининг бетига тарсаки туширган, қилғиликни қилиб, орқа эшикдан қуёндек қочиб қолганди. Шунинг учун чақиртиришдими ёки бошқа иш юзасиданмикан… – ўйларди Насимжон. Чақирув қоғозида кўрсатилган кун келгунча Насимжоннинг миясидан ана шундай чалакам-чатти ўйлар аримади.

Мана, у прокуратурага келиб, тепасига Терговчи “Т. Расулов” деб ёзилган эшикни очди. Ичкарида ёш йигит ўтирарди. Наҳотки, шу бола терговчи бўлса? – хаёлидан ўтказди Насимжон – “Юқорида” қўллаб-қувватлайдиган таниши бўлса керак-да.

У устида оғир юк тургандек аранг юриб кўрсатилган стулга ўтирди. Терговчи синчковлаб назар ташлаганда, Насимжон негадир ўзини қаерга қўйишни билмай қолди. Терговчи стол тортмасидан “Муштум” журналининг янги сонини олиб, унга узатар экан:

– Мана бу мақолани ўқидингизми? – деди.

Насимжон журнални олиб, терговчи кўрсатган мақолага кўзи тушди-ю, пешонасидан совуқ тер чиқиб кетди, қопқонга тушган тулкидек нима қилишини билмай қолди, қай кўз билан кўрсинки, журналда унинг Самандаровга ёзган хати босилган эди. Бир оздан сўнг у раисга ёзган хат солинган конвертга шошиб, “Муштум”нинг адресини ёзиб қўйганлигини сезди. Бутун вужуди титраганича, қўлидаги журналини терговчига қайтариб берди.

– Исботи ўзи билан, – деди терговчи. – Бирор даъво борми?

Терговчи ундан жавоб чиқмаслигини сезиб, “Жиноят кодекси” деб ёзилган қизил муқовали китобни олиб, ичини варақлай бошлади. Керакли жойини топгач, китобни Насимжониннг олдига сурди:

– Ўқинг!

Насимжон китоб бетидаги “туҳмат” сўзига кўзи тушди-ю, тўсатдан совуқ сувга тушиб кетгандек бутун баданни жимирлаб кетди. У китобга қанчалик тикилмасин, “туҳмат”, “модда”, “қамоқ жазоси” деган ёзувлардан бошқаси кўзига кўринмас эди. Сўнгра буларни ҳам пайқамай қолди. Суд ҳукми бирин-кетин кўзи олдидан ўтар экан худди яширинмоқчидек ўтирган стулига чўкиб борарди…

Маъмуржон ЭРСОЛИЕВ.

ХИЛВАТ ЖАР

ҳикоя

Бизнинг қишлоқ чўққилари осмон билан ўпишган Молғузор тоғи бағрида, қутичадай чиройли бўлиб туради. Мактабимиз бўлса, қўшни қишлоқда. Оралиқ талайгина йўл. Ўша куни кино қўйилганлиги учун мактабдан кеч чиқдим. Нимагадир Нурмат: “Хилват жар томондан кетамиз”, – деб қолди. Номидан ҳам яхши билиниб турибди, бу жуда хилват, чекка жар эди.

– Ие, тўғри йўл-чи? – дедим ҳайрон бўлиб.

– Юравер, томоша қилиб кетамиз, – деб оёқ тираб олди у.

“Ўзи тоғ-у тошларда кезиши яхши кўради. Лекин тунда томошани ким қўйипти! Сал олдин мактабда болалар ўртасида мени “қўрқоқ” дегани учун “Ўзинг қўрқоқ” деб озмунча айтишдимми?! Ўшанга мени синамоқчидир”, – деб ўйладим ичимда.

– Хўп, кетдик!

Кейни эгри-бугри сўқмоқ йўл билан буталар оралаб, хилват жар томон йўл олдик.

Осмонда паға-паға қорамтир булутлар тўзғиб юрарди. Кўк чиройи – ой юзига булутдан парда тортган, ерни ёритишга мажодсиз. Атрофдаги жимликни оёқ остидаги шағалларнинг ғачир-ғучури, аллақандай ҳашаротнинг мунгли чириллаши бузади. Гап билан бўлиб жарга етганимизни ҳам сезмай қолибмиз.

Бундай қарасам, қаршимда хилват жар ўзининг буришиқ башарасини тун қўйнига яшириб, буралиб-чўзилиб ётибди. Шу пайт Нортой бобомнинг анов кунги: – «Қодиржон, хилват жардан бемаҳал ўта кўрманглар, Азим тегирмончини шу ерда жин чалиб кетган», – деган гаплари бирдан эсимга тушиб қолса бўладими?! Худди ўғри мушукдек юрагимга қўрқув писиб кирди.

Конец ознакомительного фрагмента.

Текст предоставлен ООО «Литрес».

Прочитайте эту книгу целиком, купив полную легальную версию на Литрес.

Безопасно оплатить книгу можно банковской картой Visa, MasterCard, Maestro, со счета мобильного телефона, с платежного терминала, в салоне МТС или Связной, через PayPal, WebMoney, Яндекс.Деньги, QIWI Кошелек, бонусными картами или другим удобным Вам способом.

2
{"b":"910368","o":1}