Литмир - Электронная Библиотека

Атиги йигирма қадам нарида совуқ кўзларини Шоҳруҳ томонга қадаб баҳайбат йўлбарс депсиниб турарди. Думини гажжак қилиб наъра тортишидан ҳамла қилмоқчилиги сезилиб турарди. Йўлбарс икки сабабга кўра одамга ҳужум қилиши мумкин. Болалаган пайтда инига яқин келиб қолинса, очликдан ўта қийналган ҳолатда ёки бирор сабабга кўра ярадор бўлса одамдан ўч олиши аниқ. Ўз кучига ишонган Шоҳруҳбий ўзини йўқотиб қўймади, у илгарилари ҳам ҳар хил йиртқичларга дуч келган, лекин ҳозиргидек бундай яқин масофадан унга рўпара бўлмаган. У ўйланиб қолди, агар орқасига қочса йиртқич албатта ҳамла қилади, жойида қимирламай туришнинг иложи йўқ, чунки от сесканиб титрамоқда, илкис ҳаракат қилиб ишни бузиб қўйиши мумкин. Йўлбарсни камон билан қулатиб бўлмайди, аксинча яраланиб қаттиқ ҳужумга ўтади. Қўлидаги найзани шайлади, йўлбарс наъра тортиб яна ҳужумга ўтади. Қўлидаги найзани шайлади, йўлбарс наъра тортиб яна яқинлаша бошлади. Қандай чиройли жонзот ўйлади Шоҳруҳ, бир зарба билан қулатиш мумкин, лекин жонивор увол бўлади. Ахир у тўқайзорнинг ярашиғи-ку, ҳайвонлар подшосини ўлдириш инсофдан эмас. Ўйланиб ўлтиришга фурсат қолмади, қўлидаги найзанинг тўмтоқ томони билан сакрашга шайланган йиртқични зарб билан урди, кўз очиб юмгунча иккинчи бор орқа оёғининг юқори қисмига янада кучлироқ зарба берди. Хавф-хатар чекина бошлади, орқа оёғидан қаттиқ зарба олган маҳлуқ оқсаб-оқсаб чекина бошлади. От чоптириб етиб келган Шомансур ажойиб манзарани кўриб жойида анграйиб қолди.

– Бу йўлбарс-ку, – деди у ҳовлиқиб. – Сизга ҳужум қилмадими?

– Қилмоқчи бўлди, лекин эплай олмади.

– Найза санчдингизми?

– Йўқ, кети билан урдим.

– Ҳазиллашяпсизми?

– Йўқ, чиндан айтаяпман.

– Нега бундай қилдингиз?

– Ўлдиргани кўзим қиймади.

– Йиртқичга шу даражада шафқат қилиш хавфли-ку.

– Хавф-хатар олдида ўзингни йўқотмасанг, ҳар қандай офат чекинишга мажбур бўлади.

– Орқага қайтамизми? Мен йўл-йўлакай ов қила олмадим, лекин сизни ахтаравериб чарчадим.

Анча-мунча ўлжа билан қайтишган йигитлар, гулхан атрофига бориб ўтирдилар.

– Отам келмадиларми?

– Ҳали замон келиб қолишса керак, – деди Раҳимқул. – Таом олиб келайми?

– Ҳозирчалик чой келтирсанг етарли.

– Хўп бўлади.

– Нима таом тайёрладинг?

– Кийик гўштидан кабоб қилдим.

– Қирғовул гўштидан шўрва тайёрла, дадам хуш кўрадилар.

Шоҳруҳбийнинг йўлбарс билан олишгани бутун қишлоққа ва аста-секин теварак-атрофга ёйила бошлади. Биров у деса, биров бу дейди. Шоҳруҳбий ёлғиз ўзи каттакон йўлбарс билан олишиб, найза билан ҳалок қилибди деса, яна кимдир йўқ, қуролсиз қўли билан маҳв қилибди дейди. Шоҳ авлодидан бўлган Шоҳруҳбийнинг обрў-эътибори ўн чандон ошиб кетди.

– Чинакам шоҳ авлодидан-да.

– Шоҳ бўлишга муносиб йигит-да.

– Жасурлиги ҳусни-жамолига монанд.

***

Карнай-сурнайнинг садоси худди оламни титратаётгандек, еру осмон унга жўр бўлиб рақсга тушаётгандек. Барча шод, барча хуррам, қувончлар ҳамма ерни тутиб кетган. Соддадил, одми кишиларнинг энг севимли одатлари тўю-томоша, сайил, ўйин-кулгилар. Имкониятлари чекланган, юпун, ярим оч, қўли юпқа бу ночор одамлар ана шундай томошалардан тасалли топиб, ўйин-кулгу билан ўзларини овутиб, омонат қувончлар билан кифояланар эди. Теварак-атрофдан тумонат одамлар йиғилган. Шомастбий ўз ҳисобидан сайил уюштириб, элу юртга ош бермоқда. Бундай анжуманлардан кўзланган мақсад кишиларни жамлаб обрў-эътибор олиш, ўғли Шоҳруҳбийни элга танитиш. Ҳар сафаргидек халқнинг меҳрини қозонган санъаткорлар, қизиқчилар, аскиячилар, созандалар ҳамда энг номдор полвонлар кураши ҳар доим сайилнинг диққат марказида бўлади. Уларнинг баҳслари қийқириқлар ва олқишлар билан бир неча соат давом этади. Гоҳо полвонларнинг кураши натижасиз тугаб эртасига давом этади. Шундай полвонлар борки, кураги ерга тегмаган. Уларнинг курашлари барчани ҳаяжонлантириб юборади, тинимсиз қийқириқлар остида ўтадиган бундай баҳслар кишиларни икки гуруҳга ажратиб юборади, ажралиш бир қанча баҳс-мунозараларга, ҳатто жанжалларга сабаб бўлади. Бугун полвонлар ичида асло енгилмаган Халилхўжа полвон ҳам бор, у ҳали бирор маротаба ҳам енгилган эмас, бир неча йилларки биринчиликни қўлдан бермайди. Алпқомат Халилхўжа полвон табиатан ҳалол, чиройли ва гавдали йигит. Гавдаси қўрғошиндек оғир, ердан узиб бўлмайди, бели чўяндан ҳам қаттиқ, қўли якка суяк, илиги тўла, бадани темир деган гаплар юради. Бош ҳакам унинг номини айтиб, талабгор борми деганда ҳамма бараварига қарсак чалиб юборди, бақиришиб олқишлади. Ҳаммаёқ жим-жит, ким ҳам юрак бетлаб чиқар экан деган шивирлашар бошланди. Ҳар сафаргидек дадил отилиб чиқадиган даъвогар йўқ. Жимлик анчагина ҳукм сурди, наҳотки… наҳотки деган гаплар бошланди, энг қизиқарли кураш бўлмас экан-да. Ҳакам даъвогар топилмаслигини тушуниб навбатни майда-чуйда полвонларга беришга оғиз жуфтлаган эди, «мана мен даъвогар» деган товуш эшитилди. Ҳамма ҳайрон, ҳамма таажжубда. Баъзилар кўзларига ишонишмайди. Даврага Шомастбийнинг ўғли Шоҳруҳбий кириб келди. Бундай бўлишини Шомастбийнинг ўзи ҳам кутмаган эди. Унинг атрофидагилар хавотирлик билан унга тикилдилар.

– Майли, – деди Шомастбий бироз мулоҳаза қилиб. – Майдонга чиқдими тамом, энди қайтариб бўлмайди, ўғлим ўз кучига ортиқча баҳо берадиган бўлиб қолган чамамда.

Ҳаяжонли кураш бошланди. Халилхўжа полвон Шоҳруҳбийга нисбатан икки баровар улкан, бундай давангирни йиқитиш учун унга тўрт баравар куч керак. Полвонлар роса чиранишди, шунча йиллар давомида катта тажриба орттирган Халилхўжанинг синовдан ўтган усуллари иш бермас, куч-қувватда бундай рақибни асло учратмаган. Уринишлар ҳам, шиддат ҳам бефойда. Вақт ўтган сари чарчаш ўрнига рақибининг кучига куч қўшилиб бормоқда. Уни биринчи марта қўрқув эгаллай бошлади. Борди-ю енгилса, шунча йиллик шон-шуҳрат чилпарчин бўлади, енгилмас деган фикр синади. Ана шу қўрқув уни мағлубият томон етаклай бошлади, ишонч йўқолиб кучи камайиб борарди. Чарчаш ва руҳий толиқиш бошланди. Кутилмаганда Халилхўжа полвон ердан узилиб бир газ юқорилади, чирпиракдек бир айланиб Шоҳруҳбийнинг оёғи остига қулади. Қий-чув, шовқин-сурон, қарсаклар ҳеч қаерга сиғмай кетди, олқишлар анча пайтгача тинмади. Нима бўлганини англашга ҳам улгурмаган полвонни Шоҳруҳбек даст кўтариб ўрнидан тургазиб қўйди-да, елкасига уриб қойил қолганини изҳор қилди. Халилхўжа ўзига келди, юзига қизил югуриб Шоҳруҳбий томонга таъзим қилди, мардлиги учун миннатдорчилик билдирди. Шоҳруҳбийнинг таклифи билан анжуман учун ажратилган энг катта соврин Халилхўжа полвонга берилди ҳамда банорас тўн кийгизиб, шоҳи қийиқ ҳам боғлаб қўйишди.

– Дада, мендан хафа бўлгандирсиз, – деди у ҳайиқибгина отаси томон яқинлашиб.

– Хафа бўлганимни билиб турибсан ўғлим, – деди Шомастбий ўғлига таънаомуз тикилиб. – Мени қанчалик асабийлашишимни билиб туриб шу ишга азм қилдинг. Борди-ю мағлуб бўлсанг нима деган одам бўлар эдик?

– Дадажон, ахир қўрқмасликни, мағлубиятдан чўчимасликни ўзингиз ўргатгансиз-ку?

– Ғалабага ҳисоб-китоб қилиб эришилади,у таваккалчиликни ёқтирмайди.

– Мен ахир барча нарсани ҳисоблаб бу ишга қўл урдим, шунинг учун ютиб чиқдим-да.

– Мағлуб бўлишинг ҳам мумкин эди.

– Ғалабани қўлга киритиш учун мағлубиятни ўйлама деб эдингиз.

– Мен сен хон бўлишингни хоҳлайман, полвон бўлишингни эмас.

– Бундан буён бундай иш қилмайман.

– Ҳа майли, ҳар ҳолда омад сен томонда бўлди, энди кераксиз ишларга қўл урма.

Карнай-сурнай овозлари оламни ларзага солар, Шоҳруҳбий хурсанд эди. Битта ўта хатарли тасодиф чекинди, яхшилик билан якунланди. Агар мағлуб бўлганида хонлар авлодининг хонадони шаънига яхши бўлмас эди. Буни Шоҳруҳбий яхши ҳис қиларди.

***

– Ойбарчинга совчилар келишибди, нима дейишни билмадим.

– Қизингни жуда кўҳлик деб эшитган эдим, – деди Аширбек дўсти Юсуфга тикилиб. – Ўзимиздан ортмас эди-ю…

– Мен ҳам шундай фикрда эдим.

– Ким экан у совчилар?

– Чодакдан келишибди.

– Чодак хожалариданми?

– Худди шундай.

– Улар икки гуруҳга бўлинишган, бирлари маҳдуми Аъзам деса, бошқалари Ҳазрат Офоқхўжанинг авлодлариданмиз деб даъво қиладилар. Улар анча йиллардан буён бизнинг юртимизга хўжайинлик қилишдан воз кечмай келмоқдалар.

3
{"b":"597616","o":1}